Шимолий Корея расмийлари мамлакат ҳудудида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаганини таъкидлаб келмоқда. Бу ҳақда Би-би-си маълум қилди.

КХДР марказий фавқулодда эпидемиологик вазиятга қарши курашиш штаби директори Пак Мён Сунинг айтишича, мамлакатда шу пайтгача бирор инсон янги коронавирус билан касалланмаган. Унинг сўзларига кўра, мазкур давлат касалликка қарши курашиш учун аҳолини мунтазам текширувдан ўтказиш, мамлакатга кириб келган барча фуқаролар учун карантин жорий этиш, пухта дезинфекция, шунингдек, чегаралар, денгиз ва ҳаво йўлларини ёпиш каби олдини олиш чораларини амалга оширди.

Айрим бошқа мамлакатлар эса ушбу баёнотга ишонмаслигини билдирган. Масалан, Жанубий Корея қўшни давлатда коронавируснинг йўқлиги ҳақидаги маълумот нотўғри деб ҳисоблайди.

“КХДРда юқтириш билан боғлиқ айрим ҳолатлар рўй берган, бироқ оммавий касалланиш ҳақиқатан ҳам йўқ”, — дея таъкидлашмоқда Жанубий кореялик мутахассислар.

Америкалик шифокорлар ҳам Шимолий Кореяда вируснинг йўқлиги ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этишган. Улар ўз фикрларини КХДР Хитой ва Жанубий Корея билан чегарадош эканлиги, трансчегаравий савдо ҳажми ва иқтисодий муносабатлар мавжудлиги билан изоҳлашган. Ўз навбатида америкаликлар ҳам Шимолий Кореяда коронавирус билан оммавий касалланиш ҳолати мавжуд эмаслигини қўшимча қилишган.

Хориж матбуоти хабарларига кўра, Шимолий Корея Осиёдаги бошқа давлатларга нисбатан вирус тарқалишига қарши чораларни тезроқ қабул қилди. Январь охирида КХДР чегараларини ёпди ва юзлаб хорижликларни пойтахт Пхеньян шаҳрида изоляцияга олди. Шу пайтда Хитойда касалланиш миқдори геометрик прогрессия асосида кўпайиб бораётганди.

Якунда КХДРда 10 минг фуқаро изоляцияда қолди, қарийб 500 киши ҳамон карантинда.

Бугунги кунда жаҳон бўйича коронавирус расман тасдиқланмаган бошқа давлатлар ҳамон бор. Яман, Туркманистон, Тожикистон, Жанубий Судан, Вануату, Микронезия, Науру, Самоа каби ўнга яқин мамлакатлар шулар жумласидандир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan