Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, пардоз-андоз товарларини сотувчиларга нисбатан қандай талаблар қўйилади?

Жавоб:

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуннинг 5 ва 6-моддаларида сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўзи ҳақида, шунингдек ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари» нинг XIII бўлими 171-174-бандларида “Атторлик-пардоз товарларини сотиш хусусиятлари” кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра:

Атторлик-пардоз товарлари тўғрисидаги маълумотларда ушбу Қоидаларнинг 14 ва 15-бандларида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, муайян товар хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг мақсадда ишлатилиши, буюм таркибига кирувчи ингридиентлар, таъсири ва самараси, қўлланиш учун чеклашлар (ишлатиш мумкин бўлмаган ҳолатлар) қўлланиш усуллари ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Атторлик-пардоз товарлари савдо залига қўйилгунгача очилади ва кўрикдан ўтказилади, ҳар қайси товарнинг (ташқи белгилари бўйича) сифати ҳамда унинг тўғрисидаги зарур маълумотлар мавжудлиги текширилади.

Харидорга атирлар, одеколонлар, пардоз сувининг ҳиди билан танишиш имконияти, бунинг учун хушбуй суюқлик шимдирилган лакмус қоғозчалари, товарларни тайёрловчилар томонидан бериладиган ҳидлаш учун намуналар, шунингдек сотувга қўйилган товарларнинг бошқа хоссалари ва тавсифлари билан танишиш имконияти яратилади.

Товарлар целлофан ёки фирма лентаси билан ўралган ҳолда берилган тақдирда харидорга ўрамдаги буюмни целлофан ёки фирма лентасини ечиш йўли билан текшириб кўриш тавсия қилиниши керак. Товарнинг аэрозоль идишининг соз ҳолатдалиги товар сотувчи томонидан харидор иштирокида текширилади.

Шунинг билан биргаликда унутманг

Атторлик-пардоз товарлари “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилган (Қоидаларнинг 1-иловаси). Яъни, айтайлик сотиб олган атирингизни уйга келтиргач, қандайдир хусусияти (ранги, ҳиди ва б.) ёқмай қолганлиги ёки тўғри келмаганлиги сабаби билан уни сотувчидан бошқасига алмаштириб ололмайсиз. Товарда нуқсонлар бўлиши бундан мустасно, албатта.

Шу сабабли Сиз бундай товарларни сотиб олаётганда, истеъмолчи сифатида маълумот олиш ҳуқуқингиздан, шунингдек юқорида кўрсатиб ўтилган маълумотлардан ўринли фойдаланишингиз лозим бўлади.

☎️ Федерациянинг ягона қисқа рақамли ишонч телефони «1091»

Ҳудудий бирлашма расмий саҳифаси: istemolchi-info.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan